Шахматчи Жавоҳир Синдаровга фахрий унвон ва 3 хонали хонадон берилди

Президент фармони билан Жавоҳир Синдаров “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланди ва 3 хонали хонадонга эга бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 ноя – Sputnik. Президент фармони билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Жавоҳир Синдаровга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони берилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Мамлакатимизда шахмат спорт турини янада ривожлантиришга, халқимиз ўртасида ушбу спорт турини оммалаштиришга қўшаётган улкан ҳиссаси, эл-юртимиз олдидаги фарзандлик бурчига содиқ қолиб, азму шижоати, юксак ирода ва маҳоратини, ватанпарварлик фазилатларини яққол намоён этгани, жаҳон миқёсида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юқори натижага эришгани, Янги Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини дунёга тараннум қилиш, ёшларимизни она юртга муҳаббат, миллий ғурур ва ифтихор туйғулари руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун”, - дейилади фармон матнида.
Шунингдек, фармонда Жаҳон кубоги соҳиби бўлган шахматчи Президент совғаси — 3 хонали хонадон билан тақдирланиши, унинг мураббийлари эса пул мукофотлари олиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, гроссмейстер Жавоҳир Синдаров 26 ноябрь куни Ҳиндистонда ўтган шахмат бўйича Жаҳон кубогида ғалаба қозонди. У финалда хитойлик рақибидан устун келди.
Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров FIDE Жаҳон кубоги чемпиони бўлди