ТОШКЕНТ, 27 ноя – Sputnik. Россия ва Ўзбекистон Россияга нисбатан санкциялар чекловлари шароитида икки давлат фуқароларининг ўзаро туристик саёҳатлари учун тўловлар бўйича ечимларни ишлаб чиқди. Бу ҳақда Россия иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Дмитрий Вахруков РИА Новостига маълум қилди.
Ўзбекистон пойтахтида “Ипак йўлида туризм” 30-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси очилди.
“Биз россияликларга қулай бўлиши учун тўловларни ва Россиядаги ўзбекистонлик сайёҳларни қандай таъминлаш бўйича бир қатор технологик ечимларни ишлаб чиқдик. Умид қиламанки, биз бу қарорларни амалга оширамиз”, — деди Вахруков ярмаркада туристик саёҳатлар учун тўловлар муаммосини ҳал қилиш ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
Унинг айтишича, икки мамлакатда ҳам “одамлар учун қулайроқ бўлиши учун” ўзаро туристик саёҳатларда тўловларни амалга оширишга хизмат қилувчи инфратузилма мавжуд. Бироқ ўзаро туризмдаги асосий муаммолардан бири — Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари туфайли ўзбекистонликлар учун Visa ва Mastercard карталаридан, россиялик сайёҳлар учун эса “Мир” тўлов тизимидан фойдаланиш имкониятининг чекланганидир.
Россиялик сайёҳлар Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар орасида қўшни давлатлар — Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан кейин тўртинчи ўринни эгаллайди. Расмий статистикага кўра, ўтган йили Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони бир ярим баробарга ошиб, 10,2 миллион кишини ташкил этган. Шундан Россиядан келган меҳмонлар сони 20 фоизга кўпайиб, 870 минг нафарга етган. Жорий йилнинг январь—сентябрь ойларида эса динамика янада тезлашиб, россиялик сайёҳлар сони 24,2 фоизга ошиб, 757,1 минг кишини ташкил этди.