Ойликлар ошиши, ташқи қарз ва бюджет тақчиллигига оид режалар — 2026 йил бюджет лойиҳаси

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил Давлат бюджети лойиҳаси ва Бюджетнома бўйича асосий ўзгаришлар, прогнози ва молиявий параметрларга шарҳ берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 ноя – Sputnik. 2026 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасига кўра, бюджет даромадлари 368,9 триллион сўмни, харажатлари эса 402,4 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳада 2026 йил бюджет даромад ва харажатлари, шунингдек 2027–2028 йиллар прогнози белгиланган. Лойиҳа 18 та модда ва 10 та иловадан иборат.
Асосий рақамлар ва режалар.
Иқтисодиёт ўсиши:
— 2026 йилда ЯИМ 6,6% га ўсиши кутилмоқда.
— Кейинги йилларда ўсиш суръати камида 6,5–7% атрофида сақланади.
Бюджет сиёсатидаги асосий йўналишлар
— Бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан 3% дан ошмаслиги керак.
— Солиқ ставкалари ўзгармайди.
— Экологияни муҳофаза қилиш мақсадида “яшил солиқ” механизмлари жорий этилади.
— Солиқ ва бюджет сиёсати Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослаштирилади.
— Бюджет очиқлиги оширилади.
— Давлат ташкилотларида маош, пенсия ва нафақалар инфляциядан юқори даражада ошириб борилади.
— Давлат қарзи ЯИМнинг 50%идан ошмаслиги шарт.
2026 йилда бюджет параметрлари
Давлат бюджети
Даромадлар: 368,9 триллион сўм
Харажатлар: 402,4 триллион сўм
Давлат мақсадли жамғармалари
Даромадлар: 78,2 триллион сўм
Харажатлар: 147,5 триллион сўм
Республика бюджетидан 73,6 триллион сўм трансферт ажратилади.
Пенсия жамғармаси
Даромадлар: 64,7 триллион сўм
Харажатлар: 86,1 триллион сўм
Давлат бюджетидан 23 триллион сўм қўшимча маблағ берилади.
Дастурлар ва давлат қарзи
2021 йилдан бери ташқи қарз ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар бюджет таркибига киритилган.
2026 йилда бундай харажатлар 22,4 триллион сўм бўлиши кутилмоқда.
Давлат қимматли қоғозлари чиқариш лимити — 30 триллион сўм.
Янгидан имзоланадиган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг умумий қиймати 6,5 млрд доллардан ошмаслиги белгиланган.
Тақчиллик (дефицит)
2026 йилда умумий фискал тақчиллик ЯИМнинг 3%, яъни 59,9 триллион сўм миқдорида бўлади.
Давлат бюджети ва жамғармалар тақчиллиги — 29,3 триллион сўм (ЯИМнинг 1,5%).
Бирламчи тақчиллик 2026 йилда ЯИМга нисбатан 0,2% гача тушиши прогнози берилган.
Тақчиллик давлат қарзлари, хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
Қонун лойиҳаси билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишишингиз мумкин:
Қонун лойиҳаси
Бюджетнома
Фуқаролар учун бюджет
Марказий банк таҳлили: Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишига қандай хатарлар бор?