Президент Ургут ва Самарқанддаги янги лойиҳалар ва ўзгаришларни эълон қилди

Президент Мирзиёев Ургут ва Самарқандда навбатдан ташқари сессияда иқтисодий ўсиш, инфратузилмавий лойиҳалар ва янги шаҳар қурилиши бўйича муҳим қарорларни эълон қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 ноя – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари вилоят иқтисодиётидаги ўсишларни қайд этди: ЯҲМ 2016 йилдаги 23 триллион сўмдан бу йил 120 триллионга етган.
Бугун Ургутда яна бир воқеа – 55 км темир йўл линияси ишга туширилиб, электрлаштириш келаси йили якунланади. “Қуйи Камангарон”га туташ 90 гектарда 100 минг аҳолига мўлжалланган эко-шаҳар барпо этилади. Лойиҳалар учун 50 млн доллар ажратилиб, 3 гектарда ягона маъмурий марказ қурилади.
Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидан 17,5 минг гектар ҳудуд Самарқанд шаҳрига қўшилиб, аҳоли 604 мингдан 882 минггача кўпайди. Шаҳарда 700 дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилади, “Қорадарё” кўприги йил охиригача ишга тушади, йўллар бўйлаб 4 та логистика маркази ташкил этилади.
Сессияда Адиз Бобоев Самарқанд вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.
Президент Ургутда камбағаллик ва ишсизликни келаси йили 2 фоизга тушириш вазифасини қўйди. ЭИЗда адирда жойлашган 287 гектар ерни қулай майдонларга алмаштириш топширилди, бу инвесторларга 560 млн долларлик 80 лойиҳани амалга ошириш имконини беради.
Ташқи бозорларга чиқишда сусткашлик танқид қилинди. Афғонистонда Товар-хомашё биржаси филиали очилади, Ироқ ва Сурияда савдо маслаҳатчилари фаолият бошлайди. Самарқандда “Ўзбекистон–Ироқ” бизнес форуми ўтказилади.
Вилоятда келаси йили 70 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 25 минг иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Ургутга 500 минг хорижий ва 1 млн маҳаллий сайёҳ келган. “Қортоғ” ва “Қоратепа”да туризм зоналари барпо этилади, туристик-рекреатсион зона дирекцияси тузилиб, 50 млрд сўм йўналтирилади.
Ургут тажрибаси асосида 245 млн долларлик лойиҳалар орқали 8 туманда 15 минг иш ўрни яратилади. Келаси йили 600 млн долларлик туризм лойиҳалари бошлаб, 35 минг аҳоли банд қилинади.
Ургут маҳаллалари инфратузилмасига келаси йили 260 млрд сўм ажратилади. 2026 йилда вилоятда савдо ва сервис орқали 40 минг иш ўрни яратилиши қайд этилди.

Ургутда 500 гектар тоғ-олди ва яйловларда саноатлашган узумзорлар ташкил этилиб, аҳолига 10 гектардан тақсимланади. Иштихон туманида ҳам 2 минг гектарда бундай узумзорлар барпо этилади. Суғориш учун 50 та артизан қудуғи қазилиб, қуёш панеллари ўрнатишга 30 миллиард сўм ажратилади.

40 минг бош қўй-эчки лойиҳасини молиялаштириш топширилди. Вилоятдаги 688 минг гектар яйловдан самарали фойдаланиш учун бўш ерлар қийматининг 1% миқдорида аукционга чиқарилади. ОТБнинг 63 млн доллари ҳисобидан 200 минг гектар яйловда озуқабоп экинлар экиш лойиҳаси бошланади.
Кейинги йил камида 30 минг гектарда сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш зарурлиги қайд этилди. Вилоятда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Сув солиғи тушуми тўлиқ туман сув корхоналари ихтиёрига ўтказилиб, фақат ариқ ва каналларни бетонлашга сарфланади. Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари масъулларнинг ҳисоботлари ва режаларини тинглади.
Янги лойиҳалар, иш ўринлари: Самарқанд вилоятида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?