Жума куни масжидларда ёмғир сўраб, оммавий истисқо намози ўқилади

Ташаббус доирасида мамлакат бўйлаб истисқо намози ўқилади. Масжидлар ва зиёратгоҳларда эҳтиёжманд оилалар учун хайрия ишлари ҳам амалга оширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 ноя – Sputnik. Жорий йилда куз фасли ёмғирсиз ўтаётгани муносабати билан 2025 йил 28 ноябрь куни жума намозидан кейин Ўзбекистоннинг барча масжидларида ёмғир сўраб, жамоат билан икки ракат истисқо намози ўқилади.
Ушбу амал Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуси билан ташкил этилмоқда.

"Шу куни вилоят, туман ва шаҳарлардаги марказий масжидлар ҳамда зиёратгоҳларда жонлиқлар сўйилиб, уларнинг гўшти ёрдамга муҳтож оилалар, етим-есирлар, бева-бечоралар, мискинлар ва боқувчисини йўқотган кексаларга тарқатилади", - дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабарида.

Идора тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари устоз ва талабалари 28 ноябрь жумага қадар Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” асари бўйича хатми кутуб амалини адо этади.
Шунингдек, Макка ва Мадинад умра зиёратида бўлиб турган элликбоши имом-домлаларга Ҳарами шарифларда ўз гуруҳлари билан истисқо намозини ўқиш тавсия этилди.
Мирзиёев Самарқандда Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди