Афғонистон Ўзбекистон орқали Марказий Осиёга мева экспортини бошлади

Афғонистон Ўзбекистон орқали Марказий Осиёга мева экспортини бошлади, илк партия сифатида қиймати 250 минг доллар бўлган 500 тонна анор, олма ва қуритилган резаворлар юборилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 ноя – Sputnik. Афғонистон якшанба куни Ўзбекистон орқали Марказий Осиё давлатлари бозорларига ҳўл ва қуритилган меваларни расман етказиб беришни бошлади. Бу ҳақда Афғонистон олий раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

"Балхдан Ўзбекистон бозорларига ва у ердан Марказий Осиёга қиймати 250 минг АҚШ доллари бўлган 500 тонна анор, олма ва қуритилган резавор мевалар экспорти расман бошланди. Бу йўналиш давом эттирилиб, янги ва қуритилган меваларимиз Ҳайратон порти орқали Ўзбекистон ва Марказий Осиёга экспорт қилинади", — деб Х ижтимоий тармоғида маълум қилган Афғонистон олий раҳбари матбуот котиби ўринбосари Ҳамдулла Фитрат.

Аввалроқ Афғонистон ОАВлари Балх вилояти Савдо-саноат палатаси вакиллари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан чегараолди божсиз савдони амалга ошириш учун ер усти ва ҳаво йўлакларини очиш бўйича бир нечта келишув имзолагани ҳақида хабар берган эди.
Афғонистон Покистон билан савдони деярли тўхтатган фонга Марказий Осиёга экспортини диверсификация қилишни жадаллаштирмоқда. Бу қарор Покистон ҳарбий-ҳаво кучларининг 9 октябрь куни Кобул туманларидан бирида амалга оширган зарбаси ва Пактика вилоятидаги бозорда кўплаб савдо иншоотларининг вайрон бўлиши ортидан юзага келган кескинлашув билан боғлиқ.
Ўзбекистон ва Афғонистон тадбиркорлари Кобулда 36 млн долларлик келишувларга эришди