Мирзиёев Хитой ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Учрашувда Ўзбекистон етакчиси навбатдаги олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш кераклигини қайд этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 ноя – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой ташқи ишлар вазири Ван И бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашувда олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев принял министра иностранных дел Китая Ван И
Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли икки томонлама муносабатлар мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Маълум қилинишича, юқори технологиялар, “яшил” ва атом энергетикаси, сунъий интеллект, транспорт, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, геология, кимё ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон етакчиси навбатдаги олий даражадаги тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янги амалий мазмун билан бойитиш зарурлигини таъкидлади.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини фаол амалга ошириш ва уни бошқа транспорт йўлаклари билан боғлаш муҳимлиги қайд этилди.
Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш ва хавфсизлик масалаларида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Кўп томонлама форматларда яқин сиёсий мулоқот ҳамда ҳамкорликни давом эттириш, олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағалликка қарши курашиш, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш зарурлиги таъкидланди.
Шу йилнинг ноябрь охирида Ўзбекистонда бўлажак Хитой маданияти кунларининг муваффақиятли ўтказилишига ишонч билдирилди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ўтган йили Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 14 млрд долларга етди, қўшма корхоналар сони қарийб 5 мингтани ташкил қилмоқда, йил бошидан буён Хитойдан салкам 15 млрд долларлик инвестициялар ўзлаштирилди. Технологик шериклик лойиҳаларининг портфели 90 млрд долларга яқинлашди.
Эслатамиз, Ван И ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари стратегик мулоқотининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган. У ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидов билан учрашиб, Стратегик мулоқот баённомаси ва 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолади.
Ўзбекистон ва Хитой 2026-2027 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини имзолади