ТОШКЕНТ, 20 ноя – Sputnik. Ҳиндистонда ўтказилаётган “FIDE Жаҳон кубоги 2025” мусобақасида ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров тай-брейкда Хосе Мартинесни мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди. Бу ҳақда FIDE матбуот хизмати хабар берди.
Ярим финалда у яна бир ўзбекистонлик гроссмейстер — Нодирбек Якуббоевга қарши ўйнайди ва ғолиб финалга йўл олади.
“Синдаров оғир беллашувдан сўнг интервью бериб, орадан 20 йил ўтиб, Ўзбекистон яна ФИДЕнинг даъвогарлар турнирида иштирок этаётганини фахр билан таъкидлади. У ярим финалда жамоадоши Нодирбек Якуббоев билан тўқнаш келиши боис ғолиб шахматчи финалга йўл олади ва кучли иккиликка кириш имконига эга бўлади. Бу ўзбек шахмати учун муҳим воқеа”, — дейилади хабарда.
Жаҳон кубогида 89 та мамлакатдан 206 нафар кучли шахматчи иштирок этмоқда. Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 2 млн долларни ташкил этади.