ТОШКЕНТ, 13 ноя — Sputnik. Тошкентда МДҲ Мувофиқлаштирувчи транспорт кенгашининг 45-сессияси бўлиб ўтди. Ушбу сессия доирасида “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Евроосиё қитъасидаги транспорт ва логистика ҳамкорлиги” мавзусида ялпи муҳокама ташкил этилди.
Унда Россия, Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон вазирликлари ва идоралари, МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари ҳамда бошқа масъуллар иштирок этди.
Россия транспорт вазирлигининг давлат котиби — вазир ўринбосари Дмитрий Зверев онлайн тарзда иштирокчиларни қутлар экан, ҳозирда Россияда пилотсиз транспорт технологиялари жадал ривожланаётганини маълум қилди.
“Россия МДҲ аъзо давлатлари билан бу соҳадаги тажрибаларини баҳам кўришга тайёр”, — деди Зверев.
Ўзбекистон Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров “МДҲ плюс” формати Ўзбекистон томонидан ўзаро тўлдирувчилик, технологик бириктирилиш ва иқтисодий суверенитет тамойилларига асосланган ягона транспорт-логистика маконини шакллантириш майдони сифатида кўрилаётганини қайд этди.
“Транспорт сиёсатларини мувофиқлаштириш, рақамлаштириш ва қўшма инфратузилма лойиҳалари минтақанинг ўзаро боғлиқлигини барқарор ўсиш ва геоиқтисодий бардошлик омилига айлантирмоқда”, - деди Омаров.
МДҲ Ижроия қўмитаси Иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори Михаил Мискин ҳам транспорт соҳасининг аҳамиятига тўхталди. Унинг айтишича, транспорт мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти ўсишида энг муҳим роль ўйнайди.
“МДҲ Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 8 ойи давомида юк ташиш ҳажми 2 фоиздан зиёд ўсди. Юк ташиш ривожланиши саноат ишлаб чиқариш, ўзаро савдо ва ташқи савдодан ҳам юқори суръатларни кўрсатмоқда”, — деди Мискин.
Беларусь транспорт ва коммуникациялар вазири ўринбосари Сергей Дубина эса мамлакатнинг Хитой – Қозоғистон – Ўзбекистон йўналиши бўйлаб ишга туширилган “Узлуксиз транзит” лойиҳасини амалга оширишда манфаатдорлигини маълум қилди.
“Ушбу лойиҳа жанубий транспорт йўлагида муваффақиятли ишламоқда ва ягона рақамли макон яратиш орқали юк ташиш жараёнини соддалаштириш имконини беради”, - деди у.
Сўнг мажлис ёпиқ шаклда давом эттирилди. Тадбирлар йигирма биринчи халқаро “Транспорт ва логистика — TransLogistica Uzbekistan 2025” кўргазмаси доирасида ўтказилди.
Батафсил Sputnik Ўзбекистон видеосида томоша қилинг.