Тошкент фотосуратлар уйида ёш рассом Муҳаммаджон Сатторовнинг “НУР. ШАКЛ. ҲАЁТ.” номли кўргазмаси очилди.
Замонавий дунёнинг шовқинли, рақамли ритмида инсон баъзан тўхтаб, чуқур нафас олишга, атрофга бошқача назар билан қарашга муҳтож бўлади. Айнан шундай имкониятни ушбу кўргазма тақдим этади.
Нур, шакл ва ҳаёт – фалсафий учлик
Кўргазма номидаги триада — “НУР. ШАКЛ. ҲАЁТ.” рассом дунёқарашининг моҳиятини ифодалайди.
“Нур — бу чироқ ёки қуёш эмас. Бу рассом ичида туғиладиган ва томошабинга етказиладиган билимдир. Шакл — тартиб ва тузилма, Ҳаёт эса уларнинг ўртасидаги ҳаракат, ҳар бир тувалдаги яширин тебранишдир. Томошабин буни кўрмаслиги мумкин, аммо юрак билан сезади", - дейди Сатторов.
Сатторов классик рангтасвирнинг аниқлигини замонавий экспрессионизмнинг ифода кучи билан уйғунлаштиради. У ўзбек орнаментикасининг руҳини янги бадиий тил орқали талқин этади.
”Сатторов бугунги ўзбек санъатининг янги тўлқинини ифодалайди. У анъанани сақлаган ҳолда, уни замонавий ифода воситалари орқали янгилайди. Рассом учун санъат – бу сўзсиз суҳбат, томошабин билан юракдан юракка ўтадиган мулоқотдир. Келажакда унга янги бадиий кашфиётлар, юксак ижодий парвозлар тилаймиз. Чунки Нур, Шакл ва Ҳаёт унинг асарларида давом этмоқда — томошабин қалбини ёритишда”, —деди Ўзбекистон халқ рассоми, академик Иброҳим Валихўжаев.
Муҳаммажон Сатторов — ўзбек рангтасвир мактабининг ёрқин ёш вакилларидан бири. У 1988-йил 15-майда Фарғона вилоятининг Риштон туманида туғилган. Болалигидан кузатувчан, табиатга ва чизишга меҳр қўйган. Ёш рассомнинг истеъдоди Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари Собир Раҳметов ва Акмал Икромжонов устахонасида шаклланган.
2013–2017-йилларда у Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий санъат ва дизайн институтида таҳсил олиб, “Дастгоҳ рангтасвири” йўналишини пухта эгаллади. 2018-йилдан буён Ўзбекистон Рассомлар уюшмаси аъзоси бўлган Сатторов республика ва халқаро кўргазмаларда фаол қатнашиб келмоқда.
Кўргазма 2025 йилнинг 18 ноябрига қадар давом этади.