Қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги, конференция ва учрашувлар: янги дастур тасдиқланди

Дастурга кўра, ҳар йили октябрнинг биринчи ҳафтасида Қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги ўтказилади ва республика миқёсида илмий конференциялар ташкил этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 ноя – Sputnik. 2025–2026 йилларда Ўзбекистонда қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини тарғиб этиш ишларини янада жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Тегишли чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Ҳукумат қарори имзоланди.
Дастурда қуйидагилар назарда тутилди, жумладан:
ҳар йили октябрнинг биринчи ҳафтасида Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталигини ўтказиб бориш;
ҳар йили октябрь ойида қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган республика даражасида илмий-амалий конференциялар ташкил этиш;
Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи фаолиятини янада такомиллаштириш.
Қарорга кўра, ўқувчи ёшлар ва талабалар иштирокида қатағон қурбонлари таваллуд топган масканларда “Юрт ва миллат фидоийлари ёддан чиқмаслар” мавзусида учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилади.
Ҳар йили октябрда Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги нишонланади