ТОШКЕНТ, 5 ноя – Sputnik. 3 ноябрда қабул қилинган президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда “Raqamli prokuror” ва “E-tergov” ахборот тизимлари комплекси жорий этилади.
Фармонга кўра, прокуратура органлари фаолиятини рақамли трансформация қилишнинг қуйидаги асосий мақсадлари белгиланди:
2030 йилга қадар илғор халқаро тажриба асосида прокуратура органлари фаолиятининг барча йўналишларини тўлиқ автоматлаштириш;
тергов ва прокурор назорати жараёнларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш.
“Raqamli prokuror” тизими орқали давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчиликка риоя этилиши, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг Конституция ва қонунларга мувофиқлиги масофавий мониторинг қилинади.
Шунингдек, назорат органлари томонидан ўтказиладиган текширувларда қонунларга риоя этилишини кузатиш учун “Tekshiruvlarning yagona elektron reyestri” ахборот тизими синов тариқасида ишлаб чиқилади. Ушбу тизимнинг тўлиқ версияси 2026 йил 1 декабрдан ишга туширилади.
“E-tergov” ахборот тизимининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
жиноят иши юритувининг барча босқичларини электрон шаклга ўтказиш;
суд экспертизасини онлайн тартибда тайинлаш;
моддий зарарни ҳисобга олиш ва уни ундириш жараёнларини назорат қилиш.
Бундан ташқари, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб “Киберҳуқуқ” номли 4 йиллик бакалавриат таълим йўналиши жорий этилади.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокуратуранинг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси негизида Бош прокуратуранинг Рақамли технологиялар маркази ташкил этилади.