ТОШКЕНТ, 5 ноя – Sputnik. Бирлашган экспедиция корпуси (Joint Expeditionary Force, JEF) Украина билан кенгайтирилган ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади. Ушбу келишув доирасида JEFга аъзо давлатлар Украина Қуролли кучлари билан биргаликда машғулотлар ўтказади. Бу ҳақда чоршанба куни Британия Мудофаа вазирлиги хабар берди, дея ёзади РИА Новости.
"Буюк Британия ва иттифоқчи давлатлар Украина билан кенгайтирилган шериклик асосида ҳарбий ҳамкорликни янада кучайтирмоқда. Бу Евроатлантика хавфсизлигини, хусусан, шимолий ва Болтиқ ҳудудларида мустаҳкамлайди", — дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, ушбу ҳамкорлик доирасида Украина Қуролли кучлари билан қўшма машғулотлар ўтказилади ва муҳим инфратузилмаларни, учувчисиз учиш аппаратларини, ҳарбий тиббиёт соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Келишув JEF мамлакатлари мудофаа вазирлари йиғилиши доирасида Норвегияда Украина бош вазири Денис Шмигаль иштирокида имзоланган.
Россия Украинага қурол-яроғ етказиб беришни келишувлар йўлидаги тўсиқ, НАТО давлатларини можарога тортадиган омил ва "ўт билан ўйнаш" деб ҳисобламоқда. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг таъкидлашича, Украина учун бўлган ҳар қандай қурол юки Россия учун қонуний нишонга айланади.
Кремль ҳам Ғарбнинг Украинага қурол етказиб бериши музокараларга ёрдам бермаслигини, аксинча, салбий таъсир кўрсатишини билдирди.
Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва НАТО Украинадаги можарода бевосита иштирок этаётганини қайд этди — бу нафақат қурол-яроғ жўнатиш, балки Буюк Британия, Германия, Италия ва бошқа мамлакатлар ҳудудида Украина қўшинлари учун кадрлар тайёрлаш орқали ҳам амалга оширилаяпти.
Маълумот учун: JEF — Буюк Британия етакчилигидаги ҳарбий ҳамкорлик формати бўлиб, таркибига яна тўққизта давлат: Дания, Финляндия, Исландия, Норвегия, Швеция, Эстония, Латвия, Литва ва Нидерландия киради. Ушбу давлатлар НАТО аъзоси ҳисобланади ва JEF зарур ҳолларда НАТО операцияларига интеграция қилиниши мумкин. Қўмондонлик Британия қуролли кучлари томонидан амалга оширилади.