Битирувчиларни ишга олган тадбиркорларга имтиёзли кредит берилади

ОТМ битирувчисини ишга олган тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача 7 йиллик имтиёзли кредит берилади. Кредит асосий воситалар сотиб олиш ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун ажратилади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 ноя – Sputnik. Ўзбекистонда олий таълим ташкилотлари битирувчиларини иш билан таъминлаган тадбиркорларга 2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, кредит ставкaси Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори қилиб белгиланади.
Мазкур тартиб “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2025 йил 14 февралдаги ПҚ–61-сонли қарорга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларда белгиланган.
Қарорга кўра, имтиёзли кредитлар тадбиркорларга ҳар бир 1 миллиард сўм қарз учун камида 1 нафар битирувчини ишга қабул қилиш шарти билан берилади.
Кредит ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳалар учун асосий воситалар сотиб олиш ҳамда айланма маблағларни тўлдиришга йўналтирилади.
Агар имтиёзли кредит асосида ишга қабул қилинган битирувчи билан 2 йил ичида меҳнат шартномаси бекор қилинса ва 1 ой ичида бошқа битирувчи ишга қабул қилинмаса, кредит бўйича фоиз ставкалари тижорат ставкасига ўзгартирилади.
Шунингдек, битирувчилар ўртасида энг яхши стартап ва инновацион лойиҳалар танлови ташкил этилиб, ғолибларга камида 2 нафар битирувчини ишга олиш шарти билан 1 миллиард сўмгача грант ажратилади.
Президент ҳузурида йиғилиш: олий таълимни жиддий ўзгаришлар кутмоқда