ТОШКЕНТ, 3 ноя – Sputnik. Евроосиё тараққиёт банкининг “Евроосиё минтақасида юқори қайта ишлаш саноатини ривожлантириш салоҳияти” ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда юқори қайта ишлаш саноатининг умумий салоҳияти йилига 15,4 миллиард долларга етмоқда.
Бу салоҳият учта асосий йўналишдан иборат:
Экспорт имкониятлари — 3,9 миллиард доллар.
Ўзбекистонда 108 та товар позициясида экспорт салоҳияти мавжуд. Асосий йўналишлар қатори кимё саноати, фармацевтика, автомобилсозлик ва озиқ-овқат тармоқлари туради. Муваффақиятли амалга оширилган лойиҳаларга нефть-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва автомобил йиғишни мисол қилиш мумкин.
Импорт ўрнини босиш — 3,6 миллиард доллар.
Машинасозлик, кимё, фармацевтика ва металлургия соҳаларида 92 турдаги маҳсулотни маҳаллийлаштириш орқали катта салоҳият мавжуд. Масалан, компрессорлар, экскаваторлар, тўқимачилик ускуналари каби техник воситаларни мамлакат ичида ишлаб чиқиш иқтисодий самара бериши мумкин.
Мультипликатор эффекти — 7,9 миллиард доллар.
Юқори қайта ишлаш тармоқлари ривожланиши натижасида турдош тармоқларда ҳам талаб ошади. Бу, хусусан, ички бозорни рағбатлантириш ва қиёсий устунликлардан тўлиқ фойдаланиш орқали амалга оширилади.
Потенциални тўлиқ рўёбга чиқариш учун нималар зарур?
Юқори қайта ишлаш салоҳиятини амалга ошириш учун қуйидаги қадамлар муҳим аҳамиятга эга:
бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни кенгайтириш;
маҳаллий таъминот занжирларини мустаҳкамлаш;
ички бозорда юқори қийматли маҳсулотларга талабни рағбатлантириш.
Шунингдек, яна бир муҳим омил — Евроосиё иқтисодий иттифоқи бозорига фаол чиқиш, чунки ушбу минтақада юқори қайта ишланган маҳсулотларнинг 81 фоизи сотилади.