ТОШКЕНТ, 31 окт – Sputnik. Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларига асосланган лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар жорий этилади. Президент қарори билан тегишли ҳужжат тасдиқланди.
Қарорни қабул қилишнинг асосий мақсади ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларига асосланган устувор ва стартап лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтириш ҳисобланади.
Қарорга мувофиқ, стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2026–2027 йилларда қўшимча 100 миллион доллар миқдорида маблағ қуйидаги мақсадлар учун ажратилмоқда:
50 миллион доллар миқдорида маблағ беғараз асосда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун;
50 миллион доллар миқдорида маблағ тенг улушларда “Фондлар фонди” ва “IT Park Ventures” венчур жамғармалари устав капиталига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг улуши сифатида киритилиши орқали сунъий интеллект технологияларига асосланган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун.
Мазкур маблағлар “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси томонидан тақсимланиши белгиланди.