ТОШКЕНТ, 30 окт – Sputnik. Марказий Осиё тарихида илк бор "FIA General Assembly" ва "FIA Awards" маросими Тошкентда ўтказилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тошкентдаги тадбирлар доирасида илк бор "FIA Gala" — автоспорт дунёсидаги энг нуфузли мукофотлар маросими бўлиб ўтади. Бу маросимда турли автомотоспорт чемпионатлари ғолиблари тантанали тарзда тақдирланади.
Тадбирда жаҳон автоспортининг энг нуфузли ташкилоти — FIA раҳбарияти, 149 та мамлакатдан 500 нафардан ортиқ юқори мартабали делегатлар ва миллий федерациялар вакиллари, шунингдек, 100 нафардан ортиқ профессионал пойгачилар иштирок этишади.
Маълумот учун: FIA (Fédération Internationale de l’Automobile) — Халқаро автомобиль федерацияси, 1904 йилда ташкил топган. Автоспорт ва автомобилизм соҳасидаги энг йирик халқаро ташкилот бўлиб, у Formula 1, World Rally Championship (WRC), World Endurance Championship (WEC) каби чемпионатларни бошқаради. FIA General Assembly — автоспорт бўйича Халқаро автомобиль федерациясининг йиллик йиғилиши.