Тошкентда 174 та дарахт ноқонуний кесилди

Атроф-муҳитга етказилган зарар 1 миллиард 460 миллион 952 минг сўмга баҳоланмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 окт – Sputnik. Тошкент шаҳри Яккасарой туманида Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасидан автомобиль йўли бўйлаб жойлашган 174 туп дарахт ва бута ноқонуний кесилган.
Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалган видео тасвирлардан сўнг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъуллари томонидан ўтказилган ўрганиш орқали тасдиқланди.
Ҳолат юзасидан қонунчилик талабларига мувофиқ баённомалар расмийлаштирилиб, атроф-муҳитга етказилган зарар 1 миллиард 460 миллион 952 минг сўм деб баҳоланди. Тўпланган ҳужжатлар прокуртура органларига юборилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарияти вазиятни шахсан назоратга олди. Шунингдек, кесилган дарахтлар ўрнига 62,1 минг дона манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 30 декабрдаги президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга жорий этилган мораторий муддатсиз даврга узайтирилган.
Тошкент экологияси: газ тозалаш ускуналари, ҳаво мониторинги, кўмирдан воз кечиш режаси