ТОШКЕНТ, 27 окт – Sputnik. Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Фармоннинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
2026 йил якунига қадар давлат бошқаруви органлари, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини кенг жорий қилиш бўйича камида 100 та лойиҳани амалга ошириш;
2030 йил якунига қадар замонавий сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантиришга 1 млрд доллардан ортиқ миқдорда хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
2026 йил якунига қадар мамлакатда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларида 15 та сунъий интеллект лабораторияларини ишга тушириш.
2025 йил якунига қадар сунъий интеллект йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар, дастурлар, стартаплар ва бепул онлайн курслар ҳақидаги маълумотларни акс эттирувчи “ai.gov.uz” миллий портали ишга туширилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб:
ёшларнинг сунъий интеллект технологияларига қизиқишини янада ошириш ва рағбатлантириш мақсадида Президент соврини учун “Сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап” (President AI Award) танлови ўтказилади;
давлат органлари ва корхоналари ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг рақамли трансформация ҳолатини баҳолашда сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш кўрсаткичлари инобатга олинади.
Рейтинг натижасига асосан 2026 йил 1 мартдан бошлаб йилига икки маротаба энг яхши сунъий интеллект лойиҳаларини жорий этган вазирлик ва идоралар ўртасида “Сунъий интеллект бўйича энг яхши лойиҳа” танлови ўтказилади.