Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари янги савдо ва илмий ҳамкорлик келишувларини тузди

Россиянинг Иваново вилояти Наманган ва Навоий вилоятлари билан савдо, саноат, таълим ва маданият соҳаларида янги келишувлар имзолади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 окт – Sputnik. Ўзбекистон ва Россия ҳудудлараро кенгаши доирасида Иваново вилояти иштирокида икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор янги келишувлар имзоланди. Бу ҳақда Иваново вилояти ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, форумнинг асосий натижаларидан бири Иваново вилояти ҳукумати ва Наманган вилояти ҳокимлиги ўртасидаги келишув бўлди.
Ҳужжат савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.
Бундан ташқари, Иваново вилояти ҳукумати ва Навоий вилояти ҳокимлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унинг мақсади - ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва ишбилармон доираларнинг тўғридан-тўғри алоқаларини рағбатлантириш.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Иваново вилоятининг асосий савдо ҳамкорларидан биридир. 2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистон билан товар айирбошлаш улуши минтақа умумий ташқи савдо айланмасининг 30 фоиздан ортиғини ташкил этди.
Вилоятдан Ўзбекистонга асосан кимё саноати маҳсулотлари, ёғоч маҳсулотлари ва ускуналар экспорт қилиниб, пахта ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари импорт қилинади.
Тошкент ва Нижний Новгород вилоятлари ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди