Наришкин НАТО Россия билан урушга тайёргарлик кўраётганини маълум қилди

Россия Ташқи разведка хизмати директори НАТО мамлакатлари ҳарбий-саноат мажмуаси ишлаб чиқаришни каррасига ошириш режимига ўтказаётганини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 окт – Sputnik. НАТО мамлакатлари вазифаси – иттифоқ жавоб кучларини барча зарур ресурслар билан таъминлаш ва бу Россия билан урушга тайёргарликнинг босқичларидан биридир. Бу ҳақда Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин маълум қилди, дея ёзади РИА Новости.

“Биз, шубҳасиз, НАТО бўйича европалик иттифоқчиларнинг мамлакатимиз билан урушга тайёрланаётганини кўрмоқдамиз. Қисқа муддатда НАТО иттифоқчи жавоб кучларини барча зарур ресурслар билан таъминлаш вазифаси қўйилган”, - деди Наришкин Самарқандда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашида.

Унинг таъкидлашича, НАТО мамлакатлари ҳарбий-саноат мажмуаси ишлаб чиқаришни каррасига ошириш режимига ўтказилмоқда. Мунтазам равишда сафарбарлик сценарийлари машқ қилиняпти, аҳоли эса гўёки Москва томонидан ҳужум бўлиши ҳақида мунтазам тарғиботга дучор бўляпти.
Наришкиннинг сўзларига кўра, Россияга НАТОнинг ҳал этилмаган асосий муаммоси аён – зарурий жисмоний тайёргарлик ва руҳий чидамлиликка эга етарлича сафарбарлик захирасини қаердан топиш керак.
Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
НАТОга дронларни уриб туширишга рухсат бериш Россия билан урушни англатади – Медведев