Россиядан Ўзбекистонга газ импорти ҳажми оширилади

Импорт ҳажми йилига 7,7 миллиард куб метргача кўпаяди — бу 2024 йилга нисбатан 2 миллиард куб метр кўп демакдир.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 окт – Sputnik. Ўзбекистон 2025 йилда Россиядан қўшимча 2 миллиард куб метрдан ортиқ табиий газ импорт қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Россия Федерацияси ҳукумат портали маълум қилди.
Россия энергетика ҳафталиги доирасида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Россия ҳукумати раиси ўринбосари Александр Новак ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Россия ҳукумати "Газпром" компанияси Ўзбекистонга йилига 7,7 миллиард куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича шартномани бажаришда давом этаётганини маълум қилди. Қайд этилган ҳажм 2024 йилдаги етказиб беришдан 2 миллиард куб метр кўпроқдир.
Хабарда газ, жумладан, суюлтирилган табиий газ етказиб бериш ҳажмини ошириш учун "сезиларли истиқболлар" мавжудлиги ҳам таъкидланган.
Бундан ташқари, Россия ҳукумати 2024 йилда Ўзбекистонга 233,5 минг тонна Россия нефти етказиб берилганини маълум қилди. Икки давлат нефть-газ компаниялари Ўзбекистон ҳудудидаги қазиб олиш қийин бўлган конларни ўзлаштириш бўйича ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқмоқда.
Газпром: Ўзбекистонга экспорти 15 фоизга кўпайди