ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Евросиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) штаб-квартирасида Ўзбекистон билан савдо алоқаларини ривожлантириш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда комиссиянинг матбуот хизмати хабар берди.
ЕИК савдо ишлари бўйича вазири Андрей Слепнёвнинг таъкидлашича, Ўзбекистон 2020 йилдан буён Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳузуридаги кузатувчи мақомига эга бўлиб, томонлар ўртасидаги ҳамкорлик стратегик характер касб этмоқда.
“Бугунги учрашув бизнинг доимий шеригимиз — Ўзбекистон Республикасига бағишланди. Ҳамкорликдаги ишларимиз узлуксиз давом этмоқда”, — деди Слепнёв.
Савдо ҳажми ошди
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 2023 йилда 15,6 миллиард доллардан 25 миллиард долларга етиб, 1,5 баробарга ошган.
ЕОИИ давлатлари Ўзбекистонга энергия ресурслари, қора металлар, машинасозлик ускуналари, ёғоч, дон, шакар ва ёғ маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистондан иттифоққа тўқимачилик маҳсулотлари, автомобиллар, электр техникаси, озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
Барқарор ўсишга қарамай, тўсиқлар мавжуд
Шу билан бирга, Слепнёв икки томонлама савдода ҳанузгача мавжуд бўлган тўсиқларни ҳам қайд этди ҳамда уларни муҳокама қилишга чақирди.
Семинарда логистика, божхона ва маъмурий тартибларни такомиллаштириш, санитария ва фитосанитария талаблари, экспортчи етказиб берувчиларни аккредитациядан ўтказиш, давлат харидлари, ўзаро ҳисоб-китоблар ва бизнес ахборот тизимлари масалалари муҳокама қилинди.
“Мавжуд тўсиқлар бўйича йиғилган маълумотлар тизимлаштирилиб, Ўзбекистон билан кейинги мулоқотларда фойдаланилади”, — деди Андрей Слепнёв.
Мутахассисларнинг фикрича, асосий эътибор Ўзбекистон ва ЕОИИ техник регламентларини уйғунлаштиришга қаратилиши зарур.