ТОШКЕНТ, 16 окт – Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатлар учун асосий таҳдид халқаро терроризм бўлиб қолмоқда, чунки террорчи ташкилотлар уларни кейинги кенгайишлари учун устувор вазифа деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) раҳбари Александр Бортников Самарқанддаги МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгашининг йиғилишида маълум қилди, дея ёзади РИА Новости.
Бортниковнинг сўзларига кўра, ҳозирги вазиятда жиҳодчилик ғоясини тарғиб қилаётган ташкилотлар сони ўсган. Бу, жумладан, Исроилнинг ҳарбий экскалацияси ортидан рўй бермоқда.
Россия ФХХ раҳбарининг таъкидлашича, Яқин Шарқда террорчи гуруҳлар сафига қўшилмоқчи бўлган МДҲ мамлакатлари фуқаролари сони ҳам ортмоқда.
“Туркия ва Форз кўрфази давлатлари орқали бундай шахсларни Сурия ҳудудига олиб ўтиш каналлари хорижлик разведкалар орқали назорат қилинмоқда. Улар вазифалари орасида ёллаш ва теракт содир этиш учун номзодларни саралаб олиш бор”, - деди Бортников.
Унинг сўзларига кўра, Ҳамдўстлик мамлакатлари фуқароларини “ИШИД – Хуросон вилояти”* сафига ёллаш ишлари ҳам кучайтирилгани сезилмоқда. Террорчи ташкилотлар аъзолари интернетда тожик, ўзбек, қирғиз ва қозоқ тилларида тарғибот олиб боришни бошлаган. Илгари бу ҳолат кузатилмаганди.
ФХХ раҳбари МДҲ махсус хизматлари мигрантлар оқимида террорчиларни қидириш ишларини такомиллаштириши муҳимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, терроризм, экстремизм, радикализм ғоялари тарқатилишига қарши умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш даркор.
* Россия ва қатор давлатларда тақиқланган террорчи ташкилот