ТОШКЕНТ, 15 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳни бошчилигидаги етакчи компаниялари раҳбарларидан иборат нуфузли делегацияни қабул қилди.
Музокаралар чоғида самарали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, ўзаро савдо ҳажми, тўғридан-тўғри инвестициялар ва қўшма корхоналар сони ортиб бораётгани ва икки давлат орасида авиақатновлар кўпайгани мамнуният билан қайд этилди.
Хусусан, қўшма лойиҳалар портфели 27 миллиард долларга етгани ва "ACWA Power" компанияси билан энергетика соҳасида 15 миллиард долларлик қатор йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди.
Тошкент шаҳрида 14 октябрь куни ўтган Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларининг самарали натижалари, улар доирасида янги битим ва шартномалар имзолангани юксак баҳоланди.
"Яшил" энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, кўчмас мулк, мамлакатимиз ҳудудларида инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳа ва ташаббусларни тез фурсатда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.