ТОШКЕНТ, 13 окт – Sputnik. Россиянинг Чувашия Республикаси Новочебоксарск шаҳрида ўтказилган миллий яккакураш турлари бўйича II Бутунжаҳон ўйинларида Ўзбекистон иккинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Чуваш Республикаси раҳбари маъмурияти матбуот хизмати хабар берди.
5–12 октябрь кунлари давом этган ушбу мусобақаларда 4,5 мингдан ортиқ спортчи медаллар учун баҳс олиб борди. Умумий иштирокчилар сони — спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар ва жамоа вакилларини қўшиб ҳисоблаганда — қарийб 6 минг нафарни ташкил этди.
Жамоавий ҳисобда биринчи ўринни Россия, иккинчи ўринни Ўзбекистон, учинчи ўринни эса Қирғизистон жамоаси эгаллади.
Ўйинларда дунё бўйлаб 39 та мамлакатдан келган спортчилар 17 та яккакураш тури бўйича беллашдилар. Улар қаторида ММА (аралаш жанг санъати), муайтай, кикбоксинг, айкидо, белбоғли кураш, кендо, киокушин, “учкур” (казак бокси), кёреш, қирғиз курош, кураш, спортнинг замонавий қиличбозлик йўналиши, спорт пичоғи отиш, шахбокс ва бошқалар бор.