Президент Рустам Аҳмедовнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Президент ва давлат раҳбарияти Рустам Аҳмедовнинг вафоти муносабати билан таъзия билдириб, унинг Ватан олдидаги хизматларини юксак баҳолашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 окт – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев, Қуролли Кучларнинг таниқли намояндаси, Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири, генерал-полковник Рустам Аҳмедов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Шунингдек, Сенат раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов, Давлат хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов ва мудофаа вазири Шуҳрат Халмухамедов таъзия изҳор этган.
Рустам Аҳмедов мустақил Ўзбекистон миллий армиясини ташкил этиш ва давлат мудофаа тизимини яратишда катта хизмат кўрсатган. У 1991–1997 йилларда мамлакатнинг биринчи мудофаа вазири, шунингдек, бир муддат Миллий гвардия қўмондони сифатида фаолият юритди.
Шу даврда мудофаа тизимида ҳарбий округлар ташкил этилди, Бош штаб қайта тузилди ва ҳарбий қисмларнинг бошқарув тизими такомиллаштирилди. Кейинчалик у Фавқулодда вазиятлар вазири сифатида ҳам самарали ишлади.
Фахрий генерал Ватан мудофааси тизимини такомиллаштиришда ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутди.

"Таниқли ҳарбий қўмондон, самимий ва камтарин инсон Рустам Аҳмедовнинг хотираси қалбларимизда абадий сақланиб қолади", — дейилади таъзияда.

Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири Рустам Аҳмедов вафот этди