Ўзбекистонда ёшлар учун “яшил ташаббуслар” жамғармаси тузилди

Жамғарма мақсадларидан бири мамлакатда экологик барқарорликни таъминлашда ёшлар иштирокини кучайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 окт – Sputnik. Ҳукумат қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги "Яшил ташаббуслар"ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низом "Яшил ташаббуслар"ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш, жамғарма фаолиятини бошқариш, унинг маблағларини тақсимлаш, ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини белгилайди.
Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга йўналтирилади, жумладан:
ёшларда табиатга муҳаббат ҳиссини уйғотиш, уларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш;
ёшларнинг экологик тоза технологияларни жорий этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, яшил энергия манбаларидан фойдаланиш каби экологик лойиҳаларини қўллаб қувватлаш;
мамлакатда экологик барқарорликни таъминлашда ёшлар иштирокини кучайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш;
ёшларнинг дарахт кўчатларини экиш ва парваришлаш каби экологик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан унинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида фойдаланилади.
Намунали туманларга инвестициялар, “яшил” бинолар ва янги имкониятлар яратилади