Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири Рустам Аҳмедов вафот этди

Рустам Аҳмедов 1991 йил 6 сентябрдан 1997 йил 29 сентябргача Ўзбекистон мудофаа вазири, 1997–2000 йилларда фавқулодда вазиятлар вазири бўлиб ишлаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 окт – Sputnik. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири генерал-полковник Рустам Аҳмедов 82 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Аҳмедов 1943 йил 10 ноябрда Фарғона вилоятининг Боғдод туманида таваллуд топган.
1965 йилда Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртини “танк қўшинлари тактик қўмондонлиги” мутахассислиги бўйича, 1985 йилда эса Зирҳли танк қўшинлари ҳарбий академиясини “қўмондон-штаб оператив-тактик” мутахассислиги бўйича тамомлаган.
1966 йилдан 1972 йилгача қадар Болтиқбўйи қўшинлари ҳарбий округи 11-армия танк полки танк взводи командири лавозимидан Шимолий қўшинлар танкчилар дивизияси танкчилар батальони командирининг сиёсий бўлим бўйича ўринбосари лавозимларида хизмат қилган.
1972 йилдан 1986 йилгача Тошкент олий танк қўмондонлик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртларида курсантлар батальонида командирнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда батальон командири лавозимларида хизмат ўтаган.
1986 йилдан 1991 йилгача Тошкент вилояти фуқаролик мудофааси командирининг ўринбосари – штаб бошлиғи лавозимида хизмат қилган.
1991 йилдан 1992 йилгача бир вақтнинг ўзида мустақил Ўзбекистон Мудофаа ишлари бўйича вазири – Ўзбекистон Миллий Гвардия қўмондони лавозимида, 1992 йилдан 1997 йилгача эса Ўзбекистон мудофаа вазири лавозимида фаолият юритган.
Рустам Аҳмедов мустақил Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири сифатида тарихдан жой олди.
У нафақат мудофаа тизимида, балки 1997 йил сентябрь ойидан 1998 йил сентябрь ойигача фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида фаолият юритган.
1998 йилда нафақага чиқиб, бугунги кунгача ёшларга офицер шарафи ва инсоний камтарлик намунаси бўлиб келди.
Шунингдек, 2018 йилдан 2020 йилгача мудофаа вазирининг маслаҳатчиси лавозимида мудофаа тизимининг муҳим йўналишларини қайта ислоҳ қилишда фаол иштирок этган.
Кўп йиллик фидойи хизматлари учун Собиқ иттифоқ ва Ўзбекистон Республикасининг бир қатор орден ва медаллари билан тақдирланган.
1993 йилда Ўзбекистон Фахрий ёрлиғи ва 1995 йилда II даражали "Шон-шараф" ордени билан мукофотланган.
Ўзбекистон миллий армиясини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун 2018 йилда "Дўстлик"ордени билан тақдирланган.
Мирзиёев Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди