ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. “Ҳудудларда саноатни жадал ривожлантириш ва саноат корхоналарини экспортга жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-295, 04.10.2025 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қарорга кўра, 2025–2026 йилларда ҳудудларда саноатни ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
республика саноатида ҳудудий саноатнинг улушини 45 фоизга етказиш;
ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳаларини амалга ошириш орқали саноатда технологик маҳсулотлар улушини 25 фоизга етказиш ва 3,5 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш;
ҳар бир туман ва шаҳарларда 5 тагача саноат “ўсиш нуқтаси”ни ривожлантириш.
2026 йил 1 январдан бошлаб 2028 йил 1 январга қадар:
- ишчиларининг ўртача иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган саноат корхоналари учун ишчиларни ташиш ва овқатлантириш билан боғлиқ харажатлардан ҳар бир ишчи учун бир ойда бир БҲМ гача бўлган қисми ижтимоий солиқдан озод қилинади.
- ўз эҳтиёжи учун гипс хомашёсини қазиб чиқарувчи ва ундан тайёр қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарга гипс олиш учун белгиланган ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланади.