Жиззах вилоятининг Фориш туманида Ўзбекистондаги илк атом электр станцияси қурилиши кечмоқда. У 525 гектар майдонни эгаллайди. Лойиҳанинг бош пудратчиси “Росатом” бўлиб, қурилиш субпудратчиси сифатида маҳаллий “Enter Engineering” компанияси жалб қилинган.
Ҳозирда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган тайёргарлик қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шу ойда бу ерда реактор ороли ҳудудида котлован қазиш ишларига киришилади, 2026 йил март ойида эса биринчи бетон қуйилади.
“Лойиҳамиз тез амалга оширилмоқда, лойиҳа ҳужжатлари ва хавфсизлик бўйича ечимларини ишлаб чиқиш барча тегишли вазирлик ва идоралар назорати остида олиб борилмоқда. Ҳар бир сантиметр ва ҳар бир мурватни пухта ўрганиб чиқяпмиз ҳамда Россия томонидан барча ишларни тўғри бажараётганимизни асослаб оляпмиз. Бу асослар тасдиқланмагунча, ҳужжатлар кўриб чиқилмайди ва биз ҳеч қандай қарор қабул қилмаймиз. Бу ерда “мен экспертман, менга ишонавер” каби тамойил бўйича ишламаймиз. Биз барчасини халқаро мутахассислар иштирокида ва ўз кучимиз билан пухта ўрганяпмиз. Шунинг учун, менимча, бу ерда хавфсизлик масаласида хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ”, - деди АЭС қурилиши дирекцияси директори Абдижамил Калмуратов АЭС жойлаштирилиши режалаштирилган майдонга уюштирилган матбуот тури доирасида.
Бу ерда 2025 йил охиригача бир ярим минг, 2026 йилда эса беш минггача мутахассис яшайдиган ётоқхоналик вахта шаҳарчаси қурилмоқда.
Калмуратов ядровий оролда ишлаш учун "Пакш", "Аккую", "Эл-Дабаа" АЭС ларини қурган “Росатом” мутахассислари маҳаллий кадрлар билан биргаликда таклиф этилишини маълум қилди.
“Росатомнинг таянч олий таълим муассасалари ва Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги мутахассисларни тайёрлайдиган олий ўқув юртлари билан кадрлар тайёрлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилмоқда. Биз аллақачон фаолият юритаётган акциядорлик жамиятларимиз билан ҳамкорлик қилмоқдамиз, уларда биз ишга қабул қилишимиз, ўқитишимиз ва тайёрлашимиз мумкин бўлган ортиқча кадрлар мавжуд”, - деди у.
Реактор қурилмасида ишлайдиган мутахассисларнинг алоҳида гуруҳи бор. Улар учун бу ерда ўқув-машғулот маркази қурилади, унда кейинчалик улар бошқарадиган пультнинг аниқ нусхаси ўрнатилади. У ерда турли хил вазият моделлари ишлаб чиқилади ва амалда қўлланилади.
Атомчилар шаҳри учун ҳокимият тасарруфидаги 100 гектардан ортиқ ер аллақачон танлаб олинган.
“Шаҳарча жойлашувини лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда. У зарарли технологиялардан фойдаланилмасдан, кейинчалик реакторимиздан иссиқлик етказиб бериш мақсадида ўз электр энергиямиздан фойдаланишни ҳисобга олиб яшил шаҳар сифатида қурилади. 2,5-3 минг кишига мўлжалланган шаҳар қуриш режалаштирилган. Бу ерда замонавий ва муҳандислик мактаблари, болалар боғчалари, шифохоналар, туғруқхона жойлашади”, - деди Калмуратов.
Ҳозир қурилиш ишларида 400 киши банд, ишчилар сонини икки минггача кўпайтириш режалаштирилмоқда. Бундан маҳаллий аҳоли ҳам хурсанд.
“Мен Хонбанди маҳалласида яшайман. Бизда ишсизлар кўп. Бу ерда ёшларимиз ишлайди деб умид қиламиз. Агар у ишга туширилса, аҳоли учун, умуман Ўзбекистон учун электр энергияси арзонлашади. АЭС атрофида инфратузилма ривожланади, янги қурилишлар бўлади. Менимча, бу ерда цемент заводи қурилади, арматура цехлари ишлайди. Натижада, янги иш ўринлари яратилади. Биз айнан шуни кутмоқдамиз”, - деди Жиззах вилояти Фориш тумани "Хонбанди" маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоли Ойбек Зуфтаров.
Ўзбекистонда қурилаётган АЭС лойиҳаси ноёб ҳисобланади. У 1000 МВт ва 55 МВт лик иккита кичик ва катта қувватли реакторни - 3+ авлод ВВЭР-1000 ва РИТМ-200Н ни бирлаштиради. 2035 йилга келиб, АЭС 15 миллиард кВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда.
Москвада ўтказилган Жаҳон атом ҳафталигида "Ўзатом" раҳбари Азим Аҳмадхўжаев Ўзбекистондаги АЭС лойиҳаси кичик модуллик станцияларнинг илғор технологиялари ва катта қувватли анъанавий атом энергетикасининг вақт синовидан ўтган ечимларини жасоратли уйғунлиги эканлигини таъкидлади.
Батафсил - Sputnik видеосида.