МДҲ йиғилишида тиббий ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди

ССВ делегацияси МДҲ соғлиқни сақлаш Кенгаши йиғилишида қатнашди. Тиббий ҳамкорлик ва лойиҳалар муҳокама қилинди, ЖССТ, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров бошчилигидаги делегация Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик Кенгашининг 38-йиғилишида иштирок этди.
Худаяров йиғилишда Ўзбекистонда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва устувор вазифалар ҳақида маълумот берди.
Тадбир доирасида ЖССТ Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбатда Ўзбекистонда бирламчи тиббий ёрдам тизимини ривожлантириш ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган янги лойиҳалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирликлари ва ЖССТ ўртасида “Орол минтақасида соғлиқни сақлаш соҳаси” бўйича уч томонлама келишув имзолаш юзасидан келишувга эришилди.

Асилбек Худаяров Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири Жамолиддин Абдуллозода билан ҳам учрашди. Томонлар санитария-эпидемиологик назорат, юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет профилактикаси ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Россия Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олег Салагай билан учрашувда илмий ва тиббиёт марказлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратилди.
Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Акмарал Альназарова билан суҳбатда 13–17 октябрь кунлари Ўзбекистоннинг тўрт ҳудудида Қозоғистон тиббиёт кунлари ва “Ўзбекистон–Қозоғистон” тиббиёт форумини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар кадрлар тайёрлаш ва тажриба алмашишни кенгайтиришга келишиб олди.
Ўзбекистон делегацияси Душанбе шаҳридаги бир қатор клиникалар ва тиббиёт олий таълим муассасалари фаолияти билан ҳам танишди.
Форум якунида МДҲ Ижроия қўмитаси соғлиқни сақлаш соҳасидаги Кенгашнинг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этди.
ТДТга аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирлари қўшма декларация имзолади