ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. Ҳукумат қарори билан “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисида ”ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжат Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартибини белгилайди.
Рўйхатга олиш 2026 йилнинг 15 январидан 28 февралига қадар ўтказилади
Рўйхатга олишни ўтказиш давомийлиги – 45 кун.
Респондентларнинг шахсга ва қишлоқ хўжалиги фаолиятига доир маълумотларини тўплаш жараёнида рўйхатга олиш санасидан кейинги ўзгаришлар ҳисобга олинмайди.
Жумладан, рўйхатга олиш саволнома шакллари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатлари 2026 йилнинг 15 январидан кейин туғилган болаларга нисбатан тўлдирилмайди, бироқ рўйхатга олиш санасидан кейин вафот этган шахсларга нисбатан тўлдирилади.
Аҳоли сони ва унинг таркибини ҳисоблашда:
бир йилдан ортиқ муддатда мамлакат ҳудудида бўлмаган фуқаролар;
Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган халқаро ва ҳукуматлараро ташкилотлар, чет давлатлар ҳукумат ташкилотлари ҳамда чет давлатлар ваколатхоналарининг ходимлари бўлган чет эл фуқаролари ҳамда уларнинг оила аъзолари;
халқаро шартномаларга мувофиқ дипломатик имтиёзларга ва иммунитетга эга бўлган бошқа шахслар ҳисобга олинмайди.
Респондентлар ўзининг доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади. Бунда кунлик тунги дам олишининг кўпроқ қисмини ўтказадиган уй (ҳовли), квартира, яшаш учун фойдаланилаётган бошқа турар жой ёки нотурар жой бино яшаш жойи ҳисобланади.