ТОШКЕНТ, 8 окт – Sputnik. Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тижорат банкларининг кредит карта амалиётларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан Марказий банкка (МБ) сўров юборди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.
“Айрим тижорат банклари тақдим этган кредит карталаридан коммунал хизматлар, ўқиш, тиббиёт ва суғурта ҳамда солиқ каби тўловлар ҳам нақд пулга ечишга тенглаштирилиб, улардан фоиз ва комиссиялар ундирилаётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда”, - дейилади хабарда.
Марказий банкка юборилган сўровда қуйидагилар сўралган:
давлат ва нодавлат тижорат банклари фаолиятини ўрганиб чиқиш ва кредит карталари фоиз масалаларини қайта кўриб чиқиш;
истеъмолчилар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мувофиқлаштириш ҳамда асоссиз олинган хизмат ҳақи пулларини қайтариш чораларини кўриш.
Қўмита ушбу масала юзасидан қўшимча маълумот кейинчалик тақдим этилишини билдирган.