Ўзбекистон пара енгил атлетлари жаҳон чемпионатидан 12 медаль билан қайтди

Пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси — 5 олтин, 5 кумуш ва 2 бронзани қўлга киритди. Спортчилар Тошкент халқаро аэропортида катта тантана билан кутиб олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 окт – Sputnik. Жаҳон чемпионатини муваффақиятли ўтказган Ўзбекистон пара енгил атлетикачилари Ўзбекистонга қайтишди. Бу ҳақда Спорт вазирлиги хабар берди.
Хабарда айтилишича, 27 сентябрь-5 октябрь кунлари Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.
Дунёнинг 109 та мамлакатидан жами 1400 нафарга яқин спортчилар қатнашган ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ҳам иштирок этиб, 5 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритишди.
Матонатли спортчилар Тошкент халқаро аэропортида Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази раҳбарияти, ОАВ вакиллари ҳамда яқинлари томонидан кутиб олинди.
Ўзбекистон МДҲ ўйинларининг навбатдаги кунида 23 та медаль қўлга киритди