ТОШКЕНТ, 5 окт – Sputnik. Индонезия ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ўртасидаги эркин савдо ҳудуди (ЭСҲ) тўғрисидаги битим бўйича музокаралар якунланди, уни 2025 йил охиригача имзолаш режалаштирилган. Бу ҳақда Индонезия савдо вазири Буди Сантосо маълум қилди.
“Яқинда муҳим ютуқ Индонезия ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасида эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги битим бўйича музокараларнинг якунланиши бўлди. Имзолаш 2025 йил охирига режалаштирилган. Ушбу келишув глобал ноаниқлик шароитида савдони кенгайтириш ва иккала мамлакатнинг (Индонезия ва Россия федерацияси - таҳр.) иқтисодий барқарорлигини оширишга туртки бўлади”, - деди Сантосо РИА Новости билан суҳбатда.
Унинг сўзларига кўра, ЭСҲ режими жорий этилгандан сўнг Индонезия маҳсулотлари ҳам “Россия бозорида рақобатбардош устунликка эга бўлади”. Бундан ташқари, келишув индонезиялик инвесторлар учун Евроосиё бозорларига имтиёзли кириш имкониятини яратади.
Индонезия билан музокараларни бошлаш тўғрисидаги қарор 2022 йил май ойида Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши томонидан қабул қилинган.