ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Жорий йилнинг сентябрь ойида Ички ишлар вазирлиги (ИИВ), Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва Божхона хизмати ходимлари ҳамкорлигида трансмиллий уюшган наркожиноятличиликка қарши халқаро тезкор-қидирув тадбири ўтказилиб, 111 кг бўлган (81 кг гашиш ва 30 кг опий) гиёҳвандлик воситалари қўлга киритилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Халқаро уюшган наркогуруҳнинг 6 нафар аъзолари Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятлар ҳудудида қўлга олинди.
Жумладан, 13 сентябрь куни Фарғона вилоятида яшовчи шахс гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олаётган вақтида ушланди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, уюшган гуруҳнинг Андижон вилоятида яшовчи 2 нафар аъзоси 10 килограмм гашиш гиёҳвандлик воситаларини кўмиб қўйилган жойидан олаётган вақтида ушланди.
Олиб борилган тезкор суриштирув ишлар давомида гуруҳнинг Андижон вилоятида яшовчи 2 нафар аъзоси ошхонада 6 минг доллар эвазига 1 килограмм опий гиёҳвандлик воситасини сотиб олган вақтларида қўлга олинди.
Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида давом эттирилган тадбирда эса муқаддам 3 маротаба судланган шахс 5 килограмм опий гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида ушланди.
Ушбу жиноий гуруҳ бир неча йилдан буён фаолият юритиб, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш билан шуғулланиб келган.
Ҳар бир ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.