ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Ҳукумат қарори (613-сон, 30.09.202 й.) билан “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Низомга кўра, ижарага олувчи фақат қонунчиликда ёки ижара шартномасида назарда тутилган ҳоллардагина ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ижарага берувчининг, яъни тегишли давлат идорасининг, розилигисиз гаровга қўйиши мумкин
Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга олган ҳолда кредит бериш тартиби кредит ташкилоти томонидан ички қоидаларга мувофиқ мустақил белгиланади.
Кредит ташкилоти томонидан кредит таъминоти сифатида ижара ҳуқуқи ер участкасининг ижарага бериш муддати ва ер участкасининг бозор қийматидан келиб чиқиб гаровга олинади.
Бунда гаровга қўйилаётган ер участкасининг ижара ҳуқуқи муддати кредитни қайтариш муддатидан камида 5 йилдан ортиқ бўлиши лозим.
Ер участкасига ижара ҳуқуқи гаровини давлат рўйхатидан ўтказиш Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали томонидан амалга оширилади.
Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўювчи тугатилганда, гаровга олувчи гаров нарсасига муддатидан олдин ундирув қаратиш ҳуқуқига эга.