ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси дипломатлари амалий сафар билан ушбу мамлакатнинг Иркутск шаҳрида бўлди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Сафар давомида дипломатлар Иркутскда ўзбек диаспора ташкилоти вакиллари, ушбу ҳудудда вақтинча меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликлар билан учрашиб, мамлакатдаги янгиланишлар ва мигрантларни қўллаб-қувватлаш дастурлари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга расмийлардан батафсил жавоб олдилар. Учрашув давомида Иркутскда моддий жиҳатдан оғир аҳволга қолган ўзбекистонликлар борлиги маълум бўлди. Уларнинг ватанга қайтиши учун амалий ёрдам кўрсатилди.
Дипломатлар сафар давомида Иркутск шаҳрида қурилиш соҳасида ва "Фабрика бетонов" корхонасида ишлаётган ўзбекистонликлар билан мулоқот қилишди.
Суҳбат давомида Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш, меҳнат фаолиятини қонуний тарзда олиб бориш ҳамда ижтимоий ва молиявий қийин аҳволга тушиб қолганлар учун давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам турларига тўхталиб ўтилди.