ТОШКЕНТ, 30 сен – Sputnik. Тошкент шаҳрида “Тоза ҳаво” ойлигининг иккинчи босқичи доирасида 26 900 та автотранспорт воситаси текширувдан ўтказилди.
Тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Тошкент шаҳар Экология бошқармаси ва Ички ишлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Текширув давомида Тошкент шаҳрида 367 та транспорт воситаси атмосферага меъёрдан ортиқ зарарли моддалар чиқараётгани аниқланди.
“Автомобиль газ чиқиндиларидаги ифлос моддалар давлат стандартлари меъёрларини қўпол бузган ҳайдовчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик кодексига мувофиқ чоралар кўрилмоқда”, — дейилади маълумотда.
Пойтахтда “Тоза ҳаво” ойлигининг 2-босқичи 10 октябргача давом этади.
Маълумот учун, "Тоза ҳаво" ойлиги Ўзбекистоннинг "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунлари ижросини таъминлаш, фойдаланишда бўлган автотранспорт воситаларининг экологик ҳолати юзасидан давлат экологик назорати олиб бориш мақсадида республика миқёсида доимий тарзда ўтказиб келинмоқда.