ТОШКЕНТ, 30 сен – Sputnik. Жаҳон халқаро молия марказлари альянсининг йиллик йиғилиши доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов бизнес-форумларда иштирок этди ҳамда альянсга аъзо давлатлар расмийлари, йирик компания ва молиявий институтлар раҳбарлари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказди.
Ташриф доирасида "Deutsche Bank" ва "Frankfurt Main Finance" раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди. "Frankfurt Main Finance" билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди, у молия секторини ривожлантириш ва институционал ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Шунингдек, Вьетнам бош вазирининг биринчи ўринбосари Нгуен Хоа Бинх билан икки томонлама учрашувда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Алоҳида эътибор "Franklin Templeton" билан "Uzbekistan National Investment Fund" форуми доирасида йирик қўшма лойиҳаларни молиялаштириш масалаларига қаратилди. Шунингдек, энергетика, инфратузилма, коммуникациялар, молия, шаҳарсозлик ва саноат ишлаб чиқариши соҳаларида фаолият юритувчи йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Ташрифнинг муҳим тадбирларидан бири "Commerzbank" билан "Growth Partner Uzbekistan — Strategy, Projects, Performance" бизнес-форуми бўлиб, унда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари ва самарали лойиҳа молиялаштириш механизмлари асосидаги янги ташаббуслар кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Тошкентда Инвестициялар, саноат ва савдо вазир ўринбосари Илзат Касимовнинг "Avolta AG" компанияси делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди. Делегацияга Шимолий Осиё бўйича бизнесни ривожлантириш директори жаноб Алан Чен Зунхи раҳбарлик қилди.
Руководство Министерства инвестиции, промышленности и торговли провело встречи с представителями крупных иностранных компаний
© Пресс-служба Министерства инвестиций, промышленности и торговли
"Avolta AG" — саёҳатчилар учун чакана савдо (travel retail) ва умумий овқатланиш (F&B) хизматлари соҳасида дунёдаги энг йирик оператор. Компания 73 тадан ортиқ мамлакатда фаолият юритиб, 5 100 тадан зиёд савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини бошқаради.
Музокаралар давомида хорижий ҳамкорларга Ўзбекистондаги қулай инвестиция муҳити, инвесторлар учун солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, мамлакат ҳудудий аэропортларида duty free, travel retail ва F&B зоналарини ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
"Avolta AG" билан ҳамкорлик йўловчиларга замонавий хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш, илғор халқаро тажриба ва инвестицияларни жалб этиш имконини беради.