Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли: Андижонда логистика маркази қурилиши мумкин

China State Railway Group билан Андижонда логистика маркази қуриш бўйича музокаралар ўтказилди. Лойиҳа халқаро транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 сен – Sputnik. Андижон вилоятида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси доирасида янги логистика маркази қурилиши бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Андижон вилояти хокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Хитойнинг "China State Railway Group Co., Ltd" давлат компанияси бош директори ўринбосари Ван Лисин бошчилигидаги делегация қатнашди. Меҳмонлар Андижон темир йўл вокзалида тантанали равишда кутиб олинди. Кейин логистика маркази лойиҳаси тақдим этилди ҳамда марказ учун ажратилган ҳудудда бажарилиши зарур ишлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, меҳмонлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда Бобур музейида бўлиб, ҳудуднинг тарихий ва маданий мероси билан танишишди.
Ушбу ҳамкорликдаги янги лойиҳалар минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё давлатларининг транспорт коридорларини диверсификация қилиш ҳамда минтақанинг халқаро транспорт-транзит маркази сифатида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Маълумот учун: "China Railway Group Limited" - Хитойнинг энг йирик қурилиш компанияларидан бири. Темир йўллар, метро линиялари, автомобиль магистраллари, кўприклар, туннеллар, вокзаллар, аэропортлар ва бошқа объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга ихтисослашган. Хитой ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланаётган "Бир камар ва бир йўл" ва "Янги Ипак йўли" халқаро лойиҳаларининг фаол иштирокчиси.
Тошкентдан Хитойнинг Ланчжоу шаҳрига илк контейнер поезди жўнатилди