ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Амманда бўлиб ўтган учрашувларда Ўзбекистон делегацияси ва Иордания расмийлари уран ҳамда минерал ресурслар соҳасида қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди.
Делегацияга тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Рустам Юсупов раҳбарлик қилди. Музокараларда шунингдек “Навоийуран” ДК, “Ўзбекистон ТМК” АЖ ва “Uzbek Overseas Geology Company” МЧЖ вакиллари иштирок этди.
Иордания Энергетика ва минерал ресурслар вазирлиги раҳбарияти билан учрашув ва музокараларда қўшма лойиҳалар, геология-қидирув ишларини самарали ташкил этиш ва ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Иорданиянинг “НАМC” компанияси билан мис, нодир металлар ҳамда саноат учун муҳим бўлган минераллар соҳасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида тегишли йўл харитаси ва меморандум имзоланди.
Ташриф давомида “JUMCO” компанияси ва “Навоийуран” ДК мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан уранга истиқболли майдонлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Натижада икки мамлакат вазирликлари ва Иорданиянинг “НАМC”, “JUMCO” компаниялари иштирокида қўшма ишчи гуруҳ тузилди. Шунингдек, уран, критик ва рангли металларга оид истиқболли майдонлар бўйича бирламчи геологик маълумотлар олинди ҳамда уларни чуқур ўрганиш бўйича келишувга эришилди.