ТОШКЕНТ, 25 сен — Sputnik. АҚШда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов АҚШ Экспорт-импорт банки (Export-Import Bank of the United States) президенти ва бошқарув раиси Жон Йованович билан учрашди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Музокараларда молия, технологиялар, инфратузилмани модернизация қилиш ва авиация соҳаларидаги лойиҳалар ижроси муҳокама қилинди.
Катта эътибор критик минерал ресурслар (CРМ), қўшимча қиймат занжирларини яратиш ва энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликка қаратилди. Хусусан, EXIM Банк кўмагида газ инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларининг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Томонлар узоқ муддатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, инвестициялар ва савдони кенгайтириш, инновацияларни жорий этишга тайёр эканликларини тасдиқладилар. Шу нуқтаи назардан, мамлакат ЯИМни 200 млрд долларга етказишни ва Ўзбекистонни ишончли ҳамкор сифатида мустаҳкамлашни кўзда тутган “Ўзбекистон–2030” стратегияси АҚШ билан ҳамкорликни барқарор ўсиш ва инновацион ривожланишнинг муҳим омили сифатида белгилайди.