Кредит бюроларида киберхавфсизликка оид янги талаблар белгиланди

Ҳар бир бюро ахборот хавфсизлигига оид ички сиёсатни ишлаб чиқиши ва уни Марказий банк билан келишиб олиши талаб этилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 сен – Sputnik. Адлия вазирлиги томонидан "Кредит бюроларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлигига доир минимал талаблар тўғрисида"ги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.
Янги ҳужжатга кўра, низомда кредит бюроларида махсус ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш хизмати ташкил этилиши назарда тутилган. Шунингдек, ҳар бир бюро ахборот хавфсизлигига оид ички сиёсатни ишлаб чиқиши ва уни Марказий банк билан келишиб олиш мажбуриятини олиши таъкидланган.

Бундан ташқари, кредит бюроларининг фаолиятида хавфсизлик даражасини баҳоловчи рейтинг ахборот тизими Марказий банк томонидан юритилади.

Маълумотларнинг рухсатсиз узатилиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида эса кредит бюроларида мажбурий тартибда DLP (Data Loss Prevention) тизими жорий этилиши ҳам белгиланди.
Кредит ташкилотларининг нафақа пулларини ечиб олиш амалиёти "инсофсиз" деб баҳоланди