ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Тошкентда 26 сентябрга қадар давом этадиган "ICT Week Uzbekistan 2025" ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги бошланди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
50 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этаётган тадбир дастуридан халқаро форумлар, саммитлар, конференциялар, шунингдек, IT-таълим кўргазмаси ва Global Startup Awards тақдирлаш маросими ўрин олган.
Экспозиция 15 минг квадрат метрни эгаллайди, унда сунъий интеллект, рақамли трансформация ва келажак технологиялари соҳасидаги замонавий ечимлар намойиш этилади.
Тадбирда сўзга чиққан Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда IT-мутахассислари сони 2017 йилдаги 5 мингдан 2025 йилда 120 минггача ошганини, 2030 йилга бориб уларнинг сони 300 мингга етиши режалаштирилганини маълум қилди.
ICT Week Uzbekistan 2025
© Sputnik
"Бизнинг вазифамиз мамлакат ичида юқори маошли иш ўринларини яратиш ва компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш эди. Бугун биз ушбу ёндашувнинг натижаларини кўрмоқдамиз: мамлакат нафақат минтақада, балки дунёда ҳам энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бирига айланди," - деди вазир.
ICT Week нинг энг қизиқарли янгиликларидан бири — Yandex компанияси тақдимоти. Эндиликда овозли ёрдамчи Алиса ўзбек тилида ҳам ишлайди. Ассистент фойдаланувчи саволларига жавоб беради, об-ҳаво маълумотини айтиб беради, аақлли уй қурилмаларини бошқаради ва болалар эртакларини ўқиб беради.