ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Ўзбекистонда илк бор “SHARE Uzbekistan” халқаро меъморчилик ва шаҳарсозлик форуми бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда 15 мамлакатдан мутахассислар иштирок этмоқда. Хусусан, Даниядаги ““Bjarke Ingels Group”, Буюк Британиядаги “Zaha Hadid Architects”, Франциядаги “XTU Architects”, Хитойдаги “MAD Architects” каби дунёга машҳур меъморчилик бюролари делегациялари қатнашмоқда.
Форумнинг биринчи куни урбанизация, жамоат бинолари ва “Янги Тошкент” лойиҳаси бўйича сессиялар билан давом этмоқда. Шунингдек, “Pargram Studio”, “AlmatyGenPlan” ва “Неw London Architecture” каби халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам ўз тажрибалари хусусида тақдимот ўтказмоқдалар.
- Бизни Ўзбекистонда – “SHARE” Форумини бошлаш жуда илҳомлантирмоқда. Ишончим комилки, дунёга машҳур меъморий амалиётларнинг иштироки маҳаллий ўзига хосликни чуқур англаш билан уйғунлашганда, замонавийлик ва анъана барқарор келажак йўлида биргаликда хизмат қиладиган лойиҳаларни яратади,” – деди “SHARE Architects” асосчиси Флорин Миндирижиу.
Мазкур тадбир Ўзбекистонда амалга оширилаётган шаҳарсозлик ислоҳотларини жаҳон меъморчилиги тажрибаси билан уйғунлаштириш, илғор технологиялар ва инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Мазкур халқаро тармоқ қарийб 30 йилдан буён Европа ва Кавказ минтақасида йирик форумлар ўтказиб келмоқда. Пойтахтда ўтказилаётган ушбу тадбир эса платформанинг Марказий Осиёдаги илк ташаббуси ҳисобланади.
Стартовал международный форум архитектуры и градостроительства "SHARE Uzbekistan"
© Пресс-служба Министерства строительства и жилищно-коммунального хозяйства