Ўқишга кира олмаганлар учун қўшимча имкониятлар берилади

Абитуриентлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириш имконияти яратилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 сен – Sputnik. Ўзбекистонда ўқишга кира олмаган абитуриентлар учун олий таълимга кириш бўйича қўшимча имкониятлар белгиланди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг хабар беришича, Ўзбекистон таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг тегишли баёни тасдиқланди.
Унга кўра:
бакалавриат таълим йўналишларида вакант қолган ўринлар учун танлов ўтказилади. Бунда 56,7 балл ва ундан юқори натижа кўрсатган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган, шу жумладан, рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида олий таълим ташкилоти ва бакалавриат таълим йўналишларини танламаган абитуриентларга ҳам имконият яратилади;
кириш имтиҳонлари натижаларига кўра абитуриентлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириш имконияти яратилади;
Республикада фаолият кўрсатаётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмалари тасдиқланди;
Қорақалпоғистон ёшлари учун қўшимча грант ва тўлов-контракт ўринлари ажратилди.
Шунингдек, Президент гранти учун ажратилган квоталарнинг таълим соҳалари бўйича тақсимоти ҳамда давлат олий таълим ташкилотларининг магистратура мутахассисликларига танлов натижалари тасдиқланди.
Таъкидланишича, мазкур қарор абитуриентлар учун олий таълимга кириш имкониятларини янада кенгайтириш ва ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини оширишга хизмат қилади.
Бакалавриатга қабул қилишнинг янги тартиби бўлади - тафсилотлар