ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Тошкент шаҳридаги Москва давлат халқаро муносабатлар университети (МГИМО) филиалида "Россия таълими. Тошкент – 2025" халқаро таълим кўргазма-ярмаркасининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Тантанали очилиш маросимида Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Алексей Ерхов, Россотрудничество агентлиги раҳбари ўринбосари Павел Шевцов, Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельская ва бошқалар сўзга чиқди.
Кўргазмада Россиянинг 22 та минтақасидан 40 тага яқин олий ўқув юрти, жумладан миллий тадқиқот ва федерал университетлар иштирок этмоқда.
Кўргазма 19–20 сентябрь кунлари давом этади, ўзбекистонлик ўқувчилар бу вақт мобайнида Россия университетлари ҳақида маълумот олишлари мумкин. Шунингдек, эртага Зиё Форум майдончасида кўргазма иштирокчилари — Россия олий таълим муассасалари вакиллари таълимий маҳорат дарслари ўтказади.