ТОШКЕНТ, 19 сен – Sputnik. Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида III Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтмоқда, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Фестивалда Фарғона ҳунармандлари билан бир қаторда Россия, Беларусь, МДҲ ва бошқа давлатлардан ҳам ҳунармандлар ўз коллекциялари билан қатнашмоқда.
"Биз Россиянинг Самара шаҳридан келдик. Сизларга қўлда тайёрланган ўз ишларимизни олиб келдик. Қўқонга иккинчи марта келишимиз, Ўзбекистонни жуда яхши кўрамиз. Муҳаббат билан Россиядан", — дейди россиялик Бортникова Маргарита.
Фестивал Ўзбекистон президентининг "Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида"ги ҳамда "Халқаро кулолчилик форуми ва кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдосини ўтказиш тўғрисида" қарорлари асосида ташкил этиляпти.
Унда дунёнинг 70 давлатидан 278 нафар хорижий меҳмон қатнашиши режалаштирилган.
Фестивал доирасида бир қатор тадбирлар, фестивал иштирокчиларининг тантанали юришлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси, илмий конференция, халқаро ва ўзбекистонлик ҳунарманд-дизайнерлар иштирокидаги модалар намойиши, халқ сайллари, концерт дастурлари, ош танловлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳорат дарслари ва Қўқон шаҳрининг маданий-кўнгилочар жойлари ва туристик маршрутлари бўйлаб саёҳат ўтказилади.
Фестиваль 21 сентябргача давом этади.